«Оқ қуш кўли», П.Чайковский

Тўрт пардали балет.

Бастакор: П.Чайковский.
В.Бегичев ва В.Гельцер либреттоси.
М.Петипа ва Л.Иванов Т.Балтачеев таҳририда саҳналаштирган


Саҳналаштирувчи рассом: Сергей Дмитриев

Спектакль давомийлиги: 2 соат 30 дақиқа

А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида илк бор 1950 йилда саҳналаштирилган
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида охирги марта 2005 йилда саҳналаштирилган


Биринчи парда

Нуфузли маликанинг қасри рўпарасидаги боғ. Ёшлар майсазорда яйрашмоқда. Масхарабозларнинг кулгили қилиқлари қизлар ва йигитларнинг рақслари билан алмашинади.
Малика ўғли шаҳзода Зигфридга ертага балда байрамга таклиф этилган қизлар орасидан ўзига қаллиқ танлаши лозимлигини айтади. Маликанинг бу сўзлари Зигфриднинг кўнглига хуш келмайди: у қалбига яқин бўлган қизни учратганича йўқ ҳали.
Шом яқинлашади. Ёшлар тарқаладилар. Зигфрид маъюс. Фақат кўл бўйлаб учиб юрган оққушлар галасигина унинг эътиборини тортади. Зигфрид кўлга яқинлашади.

Иккинчи парда

Кўл бўйида эски қаср харобалари бўй чўзган. Қирғоққа чиққан оққушлар айлана бўйлаб оҳиста ҳаракатланадилар. Кутилмаганда соҳибжамол қизга айланаётган гўзал оққуш Зигфриднинг эътиборини тортади. Қиз Зигфридга ўзи ва дугоналарини қийнаб келаётган сеҳрнинг сирини очади: ёвуз сеҳргар уларни оққушларга айлантириб қўйган ва фақат тунда мана бу харобалар олдида улар ўзларининг инсонлик қиёфаларига кира оладилар. Оққуш қиз Одеттанинг қайғули ҳикоясидан Зигфрид қаттиқ таъсирланади ва сеҳргарни ўлдиришга қарор қилади. Ғамга тўла Одетта бу билан сеҳр кучини енгишнинг иложи йўқ эканлигини айтади. Ҳали ҳеч кимга ва ҳеч қачон севги изҳор қилмаган ўспирин йигитнинг самимий муҳаббатигина уни ёвуз сеҳрдан халос эта олади. Одеттага муҳаббат ҳисси билан тўлиб-тошган Зигфрид қизга нисбатан абадий севгиси ҳақида аҳду паймон қилади.
Одетта ва Зигфриднинг суҳбатини харобаларда истиқомат қилувчи ёвуз донишманд эшитиб қолади.
Тонг ёриша бошлайди. Қизлар яна оққушларга айланишлари керак. Зигфрид ўзининг ҳис-туйғуси қудрати ва ўзгармаслигига ишончи комил. У Одеттани сеҳргарнинг макридан озод этади!

Учинчи парда

Нуфузли маликанинг қасрида тантанали бал. Байрамга таклиф этилганлар йиғила бошлашади. Қизлар пайдо бўлишади. Зигфрид улар орасидан ўзига қаллиқ танлаши лозим. Шаҳзода кириб келади. У қизларга қарагиси ҳам келмайди: Зигфриднинг фикр-ўйини соҳибжамол Одетта ҳақидаги хотиралар банд этган.
Бироқ нотаниш меҳмон ташриф буюради, у балга ўзининг Одеттага қуйиб қўйгандай ўхшаб кетадиган қизи Одиллияни ҳам олиб келган. Одиллия Зигфридни лол этишга ҳаракат қилади.
Шаҳзода Одиллияни Одетта билан чалкаштиради ва онасига шу қизга уйланиши ҳақидаги қарорини эълон қилади.
Одиллия ва унинг отаси, аслида эса ёвуз донишманд тантана қиладилар: шаҳзода Одеттага севгиси ҳақида берган ваъдасини бузди ва энди қиз ҳамда унинг дугоналари ҳеч қачон сеҳргарнинг макридан қутула олмайдилар. Тушкунликка тушган Зигфрид кўл бўйига ошиқади.

Тўртинчи парда

Кўл бўйи. Тунд ва нотинч кеча. Қайғуга чўмган Одетта дугоналарига Зигфриднинг хиёнати ҳақида сўзлайди. Оққуш қизлар хомуш тортадилар: уларнинг озод бўлиш ҳақидаги орзу-умидлари чилпарчин бўлди.
Югурганча Зигфрид келади. У ўз аҳду паймонини унутгани йўқ: у ёқда, қасрда Одиллияни Одетта билан адаштирди, севги ҳақидаги оташин сўзлари унга аталган эди.
Ёвуз донишманд севишганларга қарши табиат кучларини ёрдамга чақиради: бўрон қутуради, чақмоқ чақади. Лекин Одетта ва Зигфридни ҳеч нарса бир-биридан ажрата олмайди. Шунда ёвуз донишманд шаҳзода билан ўзи яккама-якка курашишга аҳд қилади ва ҳалок бўлади. Унинг ўлими билан ёвуз макр-ҳийлалар ҳам ўз кучини йўқотади.