"Искатели жемчуга", Ж.Бизе

Уч пардали опера

Бастакор: Ж.Бизе.
Либретто: муаллифлар М.Карре ва Э.Кормони.

Саҳналаштирувчи режиссёр: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳайдарали Қосимов
Мусиқий раҳбар ва дирижёр: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби Фазлиддин Ёқубжонов
Саҳналаштирувчи рассом: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зубайдулла Ботиров

Спектакль давомийлиги: 2 соат 20 дақиқа.
А.Навоий номидаги ДАКТда биринчи марта 1956 йили қўйилган.
А.Навоий номидаги ДАКТда сўнгги бор 2010 йилда қўйилган.

Биринчи парда

Цейлоннинг ёввойи серқоя қирғоғи. Қояда қадимги Ҳинд ибодатхонасининг харобалари. Халқ эркаклар, аёллар ва болалардан иборат. Баъзи одамлар ўз кулбаларини тозалашяпти, бошқалари рақсга тушишяпти ва турли ҳинд асбоблари оҳангида қўшиқ айтишмоқда. Балиқчилар марваридларни қўлга киритиш билан боғлиқ ҳунарларининг машаққатлари ва хавф-хатарлари ҳақида қўшиқ куйлаяптилар. Балиқчи Зурга кириб, оролликларга мурожаат қилади ва ўйин-кулгини тугатиш вақти келганини, энди ўзларига қонунларни ўргатадиган, уларнинг ҳимоячиси ва ҳомийси бўладиган бошлиқ сайлашлари кераклигини айтади. Балиқчилар Зурганинг ўзини йўлбошчи этиб сайлашлари, унга итоат этишлари ва содиқликлари ҳақида қасамёд қилишади. Зурга рози бўлади ва яхши ҳукмдор бўлишга ваъда беради. Зурганинг дўсти Нодир пайдо бўлади. Зурга унга пешвоз чиқишга шошилади. Салом-аликдан сўнг Нодир узоқ сафардан қайтиб келаётганлиги, ҳаётини хавф остига қўйиб бир неча бор йўлбарс ва қоплонларни овлагани ҳақида сўзлаб беради. Зурга ва оролдагилар Нодирдан улар билан қолиб дўст бўлишларини сўрайдилар. Нодир розилик билдириб, уларнинг қувонч ва қайғуларига шерик бўлишини билдиради. Зурга Нодирга ишга киришишдан олдин қуёш, осмон ва денгизга салом бериб, хурсандчиликда иштирок этишга таклиф қилади. Рақс ва қўшиқлар давом этади. Кейин балиқчилар ҳар томонга тарқаладилар. Зурга ва Нодир ёлғиз қолишади. Зурга эски дўсти билан учрашганидан қувониб, Нодирдан олдинги ваъдаларга содиқ қолган-қолмаганини, ундан ҳозир дўст ёки душман эканлигини сўрайди. Нодир машъум аҳмоқона севгисидан кейин ҳозир ўзини қўлга олганини айтади. У бир куни кечқурун ибодатхонага келиб иккала дўстни ҳам самовий гўзаллигига мафтун қилиб, уларнинг қалбида ишқ ўтини ёққан ва икковларини бир-бирига душман ҳамда рақибга айлантирган ўша нотаниш қиздан совиб улгурганини айтади. Энди эҳтирослар чекинганини, ҳеч нарса уларнинг орасига нифоқ солмаслигини билдиради. Нодир ва Зурга абадий дўст бўлишга, уларни ҳеч нарса ажрата олмаслигига қасамёд қилишади. Шу пайт ёпинчиққа ўралган Лайло исмли қиз ўтирган қайиқ қирғоққа яқинлашмоқда эди. Уни коҳин Нуробод, руҳонийлар, жодугарлар кузатиб келишмоқда эди. Узоқдан Лайлонинг яқинлашаётганини кўрган Зурга уни кутиб турганини ва хавф-хатарсиз етиб келганлиги учун Браҳмани мадҳ этаётганини айтади. Нодирнинг қирғоқда у айнан кимни кутиб турганлиги ҳақидаги саволига Зурга қадимий ривоятларга кўра, халқ танлаган, доим бокира бўлишга қасам ичган, қўшиқ ва дуолари билан оролдаги марварид ахтарувчиларни сув ости подшолигининг руҳлари, денгиз фалокатлари ва бўронларидан халос эта олувчи ёш, соҳибжамол қизни кутаётганлигини айтади. Лайлони кутиб олишга чиққан халойиқ ва балиқчилар уни мамнуният билан қутлайдилар. Аёллар Лайлони ўраб олиб, унинг сув ости ёвуз руҳларини қувиб чиқариш учун ҳимоя қилишини сўраб, гуллар тутадилар. Зурга Лайлога мурожаат қилиб, қасамёдингга содиқ қолган ҳолда юзингдан ёпинчиқни олмасдан бу дунёдан муҳаббатсиз ўта оласанми, деб сўрайди. Лайло онт ичади. Зурганинг талабига биноан Лайло туну кун жонажон халқи учун ибодат қилиб, қўшиқлари билан ёвуз руҳларни ҳайдашга ваъда беради. Зурга агар Лайло онтига содиқ қолса, мукофот тариқасида энг катта марваридга эга бўлиши ва шоҳликка муносиб кўрилиши, акс ҳолда ўлдирилишини айтади. Бу вақтда Лайло Нодирга эътибор қаратиб, уни танийди. Бу кечки ибодат пайтида ибодатхонада кўрган ва унда қизиқиш уйғотган нотаниш йигит эди. Енгил титроқ билан “Эҳ, у шу ерда” дейди секингина ўзига ўзи. Буни пайқаб улгурган Зурга, агар унинг кўнглида қабиҳ туйғу пайдо бўлган бўлса, яхшиси, бу ердан қочиб, аввалги эркинлигига қайтиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради. Бироқ Лайло қатъият билан тантанали равишда коҳинлар билан қолиб Браҳма ҳузурида балиқчилар ҳимояси учун раҳм-шафқат сўраб ибодат қилишини билдиради. Лайлонинг овозини эшитган Нодир унинг ёнига шошилади, лекин бирдан тўхтаб, ўзининг ҳаяжонини билдирмасликка ҳаракат қилади. Зурганинг ишорасига кўра Лайло қадимий ибодатхона вайронасига олиб борадиган тор сўқмоқ сари йўл олади. Унинг орқасидан Нуробод ва руҳонийлар эргашишади. Одамлар ибодатдан сўнг ҳар томонга тарқалишади. Балиқчилар балиқ овлаш учун денгизга кетиб, қирғоқни тарк этишади. Зурга Нодирга қўл узатади ва уни ёлғиз қолдириб, балиқчилар билан бирга кетади. Кеч тушмоқда. Нодир тасодифан юз берган учрашув таъсирида ўзининг Лайлога бўлган севгиси ҳақида қўшиқ куйлайди. Лекин чарчоқ ўз кучини кўрсатади, бўйрага чўзилиши билан ухлаб қолади. Лайло Нуробод ва руҳонийлар билан бирга денгиз узра бўй чўзган қоя тепасида пайдо бўлади. Руҳонийлар ибодатхона олдида гулхан ёқишади. Нуробод таёқчаси билан ҳавода сеҳрли чизиқ чизиб, кейин оловни пуфлайди ва Лайлога ёнаётган гулхан атрофида қўшиқ куйлашини айтади. Лайло осмон ва ер ҳукмдори қудратли Браҳма ва олтин сочли малика маъбуда Шивага мурожаат қилиб, унинг дуоларини эшитишини сўрайди. Нодир уйғониб, севгилисининг овозини танийди. У эҳтиёткорлик билан қоя этагига писиб келади ва Лайлони ҳеч кимдан қўрқмасликка, ўзининг ҳаётини унга беришга тайёр эканлигини билдиради. Лайло унга энгашиб, юзидаги ёпинчиқни секин-аста кўтаради. Нодир завқ-шавқ билан унга севги изҳор қилади. Лайло ҳам ҳис-туйғуларини яширмайди ва дил изҳорини таъсирчан қўшиқ куйлаб билдиради.

Иккинчи парда.

Ҳинд ибодатхонаси харобалари ичкариси. Айвонда Лайло ва Нуробод руҳонийлар билан бирга пайдо бўлади. Нуробод Лайлога бу кеча марварид ови ниҳоясига етиб, балиқчилар қайиқлари қирғоққа келиб бўлганлиги, у энди дам олиши мумикинлигини айтади. Лайло қўрқув билан Нурободдан, наҳотки сен мени бу овлоқ жойда ёлғиз қолдирасан, деб сўрайди. Нуробод унга ҳеч кимдан қўрқмаслигини, бу жой денгиз томондан ўтиб бўлмас қоялар билан ҳимояланганлигини, қирғоқда енгилмас соқчилар чодир тикканларини билдиради. Агар ваъдасини бажарса, унга қеч нарса хавф солмаслигини айтади. Лайло ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ўз қасамига содиқ қолганлиги воқеасини айтиб беради. Бу унинг болалигида юз берган. Бир куни аллақандай киши уларнинг уйига югуриб киради. У қароқчилардан қутулиш учун вақтинчалик бошпана сўрайди. Раҳми келиб, у одамни яшириши билан тўсатдан уйига қароқчилар кириб, қочоқни бермаса ўлдириш билан таҳдид қилишади. Лайло қочоққа ваъда бергани учун унинг ҳаётини сақлаб қолади. Кеч кириб, хатар чекингач, қочоқ одам уйни тарк этиб, унга марварид тақинчоқ совға қилади. Ваъдасида туриб, у одамни ошкор қилмайди. Нуробод бу сафар ҳам ваъдасида туришини, йўқса у Зурга олдида жавоб беришини эслатади ва ибодат қилишни буюради. Лайло ибодатида Браҳмадан уни ҳимоя қилишни сўрайди. Нуробод руҳонийлар билан чиқиб кетади. Лайли атрофга қўрқув билан аланглаб, нимадандир қўрқаётганлиги ва ухлай олмаётганлигини айтади. Кейин у айвонга қараб Нодирни эслайди ва қўрқувдан қутулади. Севгилиси Нодир уни хавф-хатарга қўймайди, тез орада келади, деб ўзини овутади. Ҳақиқатан ҳам, шу дақиқа парда ортидан Нодирнинг Лайлони қўриқлаши, унинг учун жонини беришга ҳам тайёрлиги ҳақидаги қўшиғи эшитилади.

Нодир эҳтиёткорлик билан харобалар орасидан ўтиб, айвонда пайдо бўлади ва Лайлога қараб отилади. Лайло ҳаётини хавф остига қолдириб қандай қилиб бу ерга келганлигини сўрайди. Нодир севгидан илҳомланиб, қийинчиликлардан нафратлангани, Оллоҳ уни ҳимоя қилганини билдиради. Лайло қўрққанидан у дунёвий севгидан воз кечиши ҳақида онт ичганлиги, Нодир кетмаса, иккаласи ҳам ҳалок бўлишини айтади. Лекин Нодир қўрқувни енгишини, ҳозирча шу ердалигини, эрталабгача вақт борлигини, уларни ҳеч ким эшитмаслигини айтиб уни тинчлантиради. Лайло ўзига ва унга раҳм қилишини, кетишини ўтиниб сўрайди. Лекин Нодир қолади ва Лайлони ўзининг ҳис-туйғуларига ишонмаганликда айблайди. Бироқ Лайло уни севишини айтиб Нодирни ишонтиради ва иккалалари муҳаббат дуэтини куйлайдилар. Лайло яна эслатгандан кейин эртага кечқурун учрашишга келишиб, Нодир кетади. Улар хайрлашишади.

Бирдан саҳна ортида ўқ овози эшитилади. Бу қандайдир бегона одам пайдо бўлганини билиб қолган соқчилар эди. Лайло бақириб юборади ва тиз чўкади. Нуробод ва руҳонийлар югуриб киришади ва Нодирнинг орқасидан қувиб кетишади. Одамлар йиғилишади ва ҳайрон бўлиб, нима ҳодиса юз берганини сўрайдилар. Лайло ҳушидан кетади. Нуробод руҳонийлар қуршовида машъалалар ёқиб қайтиб келади ва бу муқаддас жойга қандайдир жиноятчи кириб олганлигини айтади. Шу пайт соқчилар Нодирни олиб кирадилар. Нуробод унга ва Лайлога ишора қилиб, халққа: "Мана, улар сизнинг олдингизда айбдорлар!" – дейди. Ғазабланган оломон уларга даҳшатли жазо қўллашни – уларни гулханга ташлашни талаб қилади. Нодир халойиққа мурожаат қилиб, фақат ўзи айбдор эканлигини, Лайлога раҳм қилишларини ўтиниб сўрайди. Балиқчилар иккала жиноятчини калтаклашга шошиладилар, бироқ Нодир Лайлони кўкси билан тўсиб, уни оломон ғазабидан қутқаради. Шу пайт Зурга пайдо бўлиб, оломондан жиноятчиларга тегмасликни буюради.

Балиқчилар таажжуб билан чекинадилар. Нодир ва Лайло Зурганинг олижаноблигидан ҳайратда. Зурга уларга тезроқ қочишни маслаҳат беради. Нуробод Лайлонинг юзидан пардани олиб ташлайди ва кетишидан олдин ҳаммага юзини кўрсатсин, дейди. Зурга унинг қалбида муҳаббат алангасини ёққан ва сал қолса уни Нодир билан душман қилган ибодатхонадаги қўшиқчи қизни танийди. У дарҳол ўз фикрини ўзгартиради. Қасос олиш режасини ўйлайди, у ўз қавмига жиноятчиларни даҳшатли ўлим кутаётганлигини айтади. Нуробод ва халқ жиноятчиларнинг қатл этилишини талаб қилади. Кучли момақалдироқ эшитилади. Чақмоқ чақади. Одамлар қўрқувдан тиз чўкиб, Нуробод билан бирга Браҳма учун ибодат қилишади. Зурганинг ишораси билан балиқчилар Нодирни олиб кетишади, руҳонийлар Лайлони олиб чиқишади.

Учинчи парда.

Биринчи кўриниш. Ҳиндлар чодири. Чодир ичида ўйга чўмган Зурга ётибди. Уни қўрқинчли арвоҳлар таъқиб қилиб, титроқдан ухлай олмаяпти.

Умидсизлик билан у ўзининг болаликдаги дўсти Нодирни фақат Лайлога бўлган кўр-кўрона эҳтироси таъсири остида ўлимга ҳукм қилганлигини тан олади. Айни пайтда у шафқатсиз ҳукмдан пушаймон бўлиб, ҳали вақт борида хатосини тузатишни хоҳлайди. Нодир ва Лайлонинг қатл қилиниши эрта тонгда амалга оширилиши керак. Пушаймонлигидан хаёлан Нодир ва Лайлога ўгирилиб, севги бахтидан мосуво бўлган ўзини тийиқсиз ғазаби учун кечиришларини сўрайди. Шу пайт Лайлони икки балиқчи олиб кирадилар. Лайлони кўриши билан Зурганинг унга бўлган муҳаббати яна ёлқинланиб кетади. Лайло иккаласи ёлғиз гаплашиб олиши учун рухсат сўрайди. Зурга балиқчиларга чиқиб кетишларини буюради. Лайло йиғлаб, Зургадан Нодирни кечиришни сўрайди, чунки у бегуноҳ ва ҳақиқий айбдор ўзи эканлигини, шунинг учун бир ўзини қатл қилишини ўтинади. Зурга Лайлога Нодирни яхши кўрганинг учун сени кечирмайман, деб жавоб беради. Лайло яна Нодирга имкон беришни сўрайди, лекин Зурга Лайлони севиши сабабли уни Нодирга рашк қилаётганини айтади ва унинг барча илтижоларини рад этади. Унга муҳаббатини изҳор этаркан, Лайло нега Нодирни севишини, Зургадан эса нафратланишини тушунолмай хуноб бўлади. Лайло ўзининг авф этиш ҳақидаги илтимосини яна такрорлайди, бироқ Зурга гапидан қайтмайди ва улар иккаласи – Нодир ва Лайло биргаликда қатл этилишлари лозимлигини уқтиради. Лайло Зургани дуоибад қилади. Бир неча балиқчилар қуршовида Нуробод пайдо бўлади. Узоқдан қувноқ шовқин ва хурсандчилик овозлари эшитилади. Нуробод Зургага қатл вақти яқинлашганини, халойиқ буни интиқлик билан кутаётганлигини айтади.

Лайло "Паймонам тўлди", деб бўйнидан марварид тақинчоғини ечиб, уни ёш бир балиқчига беради ва онасига олиб бориб беришини илтимос қилади ҳамда нариги дунёда унинг учун дуо қилишини билдиради. Лайлони олиб кетишади. Зурга шоша-пиша балиқчининг қўлидан тақинчоқни тортиб олади. Тақинчоқни кўриб, бир пайтлар Лайло уни қароқчилардан қутқарган қиз эканлигига амин бўлади, тақинчоқни унинг ўзи совға қилганлигини эслайди. Лайлонинг орқасидан боришга шошилади.

Иккинчи кўриниш. Ўртасига гулхан қаланган дара. Ҳиндлар айбдорларнинг қатл этилишини кутиб, сармаст ҳолда рақсга тушишади ва май ичиб, қўшиқ куйлашади. Нуробод бошчилигидаги олий руҳонийлар Лайло ва Нодирни кишанлайдилар. Бу вақтда бутун уфқ қизил рангли нур билан шафақланади. Хиндлар бу шафақни тонг шафағи деб ўйлаб, ханжарларини ўйнатиб, қатл ижро этилишига тайёргарлик кўришмоқда. Лайло ва Нодир аллақачон ёнаётган оловнинг биринчи зинасига кўтарила бошлашган. Тўсатдан Зурга югуриб кириб, ёруғлик осмон шафағи эмас, балки Худо уларнинг қишлоқ ва далаларига юборган ғазаб олови, дейди. У ҳаммага болаларини ва хонадон аҳлини ёнғиндан қутқариш учун боришларини тайинлайди.

Одамлар шошилинч кетишади. Нуробод Зурга, Лайло ва Нодир билан ёлғиз қолади. Муқаддас оловга бир нечта хушбўй ўтларни ташлаб, Зурганинг нима дейишини билиш учун кактус остида яширинади. Нурободнинг жосуслик қилаётганини пайқамай, Зурга Нодир ва Лайлони жазодан қутқариш ва уларни озод этиш учун бу ёнғинни ўз қўли билан уюштирганлигини очиқчасига айтади. У Лайлога балиқчидан тортиб олган марварид тақинчоқни кўрсатади ва энди Лайлони у бир вақтлар ўзини қароқчилардан ҳимоя қилгани учун миннатдорлик сифатида қутқараётганини айтади. Кейин у Нодир ва Лайлонинг кишанларини ечиб, уларни озод қилади. Ҳаммасини эшитиб турган Нуробод буларнинг барини халойиққа етказиш учун шошилади. Лайло ва Нодир халос бўлганликлари, бахтли эканликлари, энди уларнинг муҳаббати ҳеч қачон завол топмаслиги ҳақида қўшиқ айтадилар. Зурга Лайло ва Нодирнинг бир-бирларини қаттиқ севишларини кўриб, уларни қутқариш учун ҳатто ўлимга ҳам тайёр эканлигини айтиб, тонг отмасдан зудлик билан кетишларини маслаҳат беради.

Нодир ва Лайло Зурга кўрсатган сўқмоқдан ўнгга қочаётган бир пайтда Нуробод бошлиқ халойиқ саҳнага чапдан чиқиб келишади. Нуробод одамларга айбдорларни қутқариш мақсадида Зурга атайлаб ўрмон, яйлов ва далаларни йўқ қилиш учун ёнғин уюштирган хоин, деб унга жазо беришни талаб қилади. Одамлар Зургани ўлимга маҳкум этиб, унга ҳужум қиладилар ва олов томон судрайдилар. Ёнғин алангасида турган Зурга Лайло учун ўз ҳаётини беришини айтади. Гулхан ёнади. Ёнғин алангаси ичра ҳаёт билан хайрлашиб турган Зурга Лайло учун ўз ҳаётини беришини айтмоқда. Ёнғин ёнмоқда. Ўрмондаги ёнғин натижасида қизил шафақ янада кучаяди. Узоқдан ёнаётган ўрмон тасвири маҳобат билан кўринади.