"АИДА", Дж.Верди

Тўрт пардали ва етти манзарали опера.
Композитор: Дж.Верди.
Либретто: А.Гисланцони, О.Мариэтта сценарийси асосида.

Постановкачи режиссёр: Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, профессор Фирудин Сафаров
Дирижёр: Коракалпокистон Халқ артисти Аида Абдулаева
Постановкачи рассом: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зубайдулло Ботиров
Либослар бўйича рассом: Лобар Полвонова

Спектакль давомийлиги: 3 соат 15 дақиқа.

Миср хедиви Исмоил-пошо илтимосига кўра 1970 йилда ёзилган.
Премьера 1971 йил декабрида Қоҳирада бўлиб ўтган ва Сувайш канали очилишига бағишланган.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида илк премьера 1960 йилда бўлиб ўтган.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасидаги постановка охирги марта 2016 йилда намойиш этилган.

Сюжети
Миср ва Ҳабашистон ўртасидаги уруш. Миср шоҳининг қизи Амнерис соқчилар бошлиғи, яқин орада Миср лашкарига лашкарбошилик қилиши кутилаётган Радамесга ошиқ бўлиб қолади. Амнериснинг хизматидаги Аида исмли чўри қиз ва Радамес бир-бирига кўнгил қўйганлар. Аида аслида Ҳабашистон шоҳи Амонасронинг қизи эканлигини ҳеч ким билмайди.

Радамес ҳарбий сафарга отланади. Қасоскор ва шафқатсиз Амнерис, севиклиси бошқа аёл билан муҳаббат риштаси орқали боғланганлигини ҳис этаркан, айёрлик ва маккорлик йўли билан ўзининг рақибаси Аида эканлигини билиб олади. Амнерис Аидага Радамесни унутишни, акс ҳолда шафқатсиз қасосга дучор этилажагини билдиради.
Миср лашкари урушдан ғалаба билан қайтаркан, асирга олинган ҳабашлар орасида шоҳ ҳам борлигидан ҳеч кимнинг хабари йўқ эди. Отасига кўзи тушган Аида ўзини падари бузрукворининг қучоғига отади. Радамес Миср шоҳидан асир олинган ҳабашларни ғалаба учун мукофот сифатида озод этишни сўрайди.
Отаси билан суҳбатлашар экан, Аида икки ўт орасида қолади – ўз мамлакатини қутқариб, Ватанга фарзандлик муҳаббати ва садоқатини исбот этиш баробарида суйган ёрига хоинлик қилиб, ундан янги ҳужум режасини билиб олсинми ёки муҳаббатига содиқ қолган ҳолда Ватани ва отасидан воз кечсинми? Радамес ҳам тузоққа тушиб қолади – севган ёри билан қочиб, хоин деган ном олсинми ёки муҳаббатидан воз кечсинми? Ҳис-туйғулари ғолиб келиб, Радамес қочишга рози бўлади ва ҳарбий сирни очади. Бу суҳбатдан Ҳабашистон шоҳи Амонасро ва Амнерис воқиф бўлишади ҳамда жаҳл устида Амнерис олий руҳоний ва соқчиларни чақиради. Аида ва Амонасро қочишга мажбур бўлишади.
Амнерис Радамесга Аиданинг муҳаббатидан воз кечса жазодан омон қолиши ва мол-дунёга эга бўлиши мумкинлигини айтади, бироқ Радамесга муҳаббатсиз ва шарафсиз ҳаётнинг кераги йўқ.
Миср руҳонийлари суди хоин Радамесни қоронғи ертўлага қамаш ва қатл этиш ҳақида ҳукм чиқаради. Отасининг ўлимидан сўнг севикли ёрининг тақдирини баҳам кўришни ихтиёр этган Аидани ҳам шу ерга, унинг ёнига қамашади. Севишганлар кунлари битганини билсалар-да, илк бор бахтиёрлар, чунки улар биргалар.
Бу фожеадан Амнериснинг юрак-бағри эзилади ва умидсиз ҳолда ибодатга берилади.

ҚИСҚАЧА МАЗМУНИ

БИРИНЧИ ПАРДА
Биринчи кўриниш
Миср фиръавни саройи. Олий руҳоний Рамфис Миср чегараси ёнида ҳабашистонликлар пайдо бўлганини хабар қилади. Радамес ўзининг лашкарбоши этиб тайинлашларини ва қўшинга бош бўлиб ёғий томон юриш қилишни кутмоқда: ғалабага эришгач, жонидан ортиқ суядигани, фиръавннинг қизи Амнериснинг хизматидаги ҳабашистонлик чўри Аидани озод этиш ниятида. Бироқ Амнериснинг ўзи Радамесга ошиқ. Йигитнинг бепарволиги унинг рашкига сабаб бўлади. Залга фиръавн, руҳонийлар ва ҳарбийлар кириб келишади. Чопар ҳабашистонликлар қўшини яқинлашиб қолгани хабарини етказади. Фиръавн илоҳлар саркарда этиб Радамесни танлашганини эълон қилади. Амнерис унга Миср байроғини тақдим этади. Сарой аъёнлари тарқаладилар. Ёлғиз қолган Аида илоҳлардан нимани сўрашга ҳам боши қотган: агар улар ғалабани мисрликларга раво кўрсалар, унинг отаси – Ҳабашистон шоҳи Амонаср ҳалок бўлади, агар отаси ғолиб бўлса, у ҳолда жондан ортиқ севгани Радамесдан ажралиб қолади…
Иккинчи кўриниш
Ибодатхонада илоҳларнинг меҳробида Радамеснинг қиличига руҳ ато этиш маросими ўтказилмоқда. Барча лашкарбоши тезроқ ғалаба билан қайтиши ҳақида тилак билдирмоқда.

ИККИНЧИ ПАРДА
Учинчи кўриниш
Фиръавннинг қизи Амнериснинг хонаси. У Радамесга бўлган севгисидан энтикади ва унинг Мемфисга фотиҳ сифатида кириб келишини тоқати тоқ бўлиб кутади. Ҳизматкорлар уни қўшиқ ва рақслар билан овутмоқчи бўлишади. Шундан сўнг Аида билан ёлғиз қолгач, рашк ўти азоблаётган Амнерис ўзининг чўрисини қийноққа солади: аввалига Амнерис Радамеснинг урушда ўлдирилганини айтади, Аида ғамда қолади; шунда Амнерис ҳазиллашганини ва Радамес тирик эканлигини билдиради! Аиданинг чеҳраси ёришиб кетади ва ўзи сезмаган ҳолда сирини ошкор этади… Амнерис унга рақиб бўлишга ҳадди сиққан дадил чўри қизни йўқ қилишга онт ичади!
Тўртинчи кўриниш
Радамес ва унинг ғолиб қўшини Мемфисга тантанавор кириб келади. Фиръавн Радамеснинг ҳар қандай истагини бажо келтиришга ваъда беради. Асирлар орасида Аида отаси – ўзини оддий асир қилиб кўрсатган Ҳабашистон шоҳига кўзи тушади.
Радамес фиръавндан асирларни озод этишни сўрайди. Руҳонийлар Аида ва унинг отасини гаров сифатида олиб қолишни талаб этиб норозилик билдирадилар. Фиръавн руҳонийларнинг талабини қўллаб-қувватлайди, Радамесга эса қизини келин қилиб бермоқчи бўлади ва уни ўзининг вориси этиб тайинлайди. Амнерис ўзида йўқ шод, Аида эса ғам-ғуссага ботади.

УЧИНЧИ ПАРДА
Бешинчи кўриниш
Нил бўйидаги илоҳа Изида ибодатхонаси. Кеч кирган. Олий руҳоний Рамфис Амнерисни ибодатхона сари етаклайди: Радамес билан тўйидан олдинги кеча тун бўйи у илоҳага ибодат қилиб чиқиши керак!
Кимсасиз қирғоқда Аида пайдо бўлади – бу ерда у Радамес билан учрашиши лозим. Унинг изидан отаси Амонаср ҳам бу ерга келади. У Аидани Радамесдан Ҳабашистон қўшини Мисрга монеликсиз кириб келиши мумкин бўлган эркин йўлни сўраб беришга кўндиради. Аида зўрға рози бўлади. Қаршисида пайдо бўлган Радамесни Ҳабашистонга қочишга ундайди ва унга ўта қалтис саволни беради – қайси йўл хавфсиз?
- «Напата дараси орқали ўтадиган йўл», - маълум қилади Радамес. Шу вақт уларнинг суҳбатидан зимдан воқиф бўлиб турган Амонаср пайдо бўлади. Радамес чорасиз қотади – у душманга ҳарбий сирни ошкор этди! Амонаср ва Аида Радамесни қочишга кўндирмоқчи бўлишади, бироқ шу пайт Амнерис ва Рамфис пайдо бўлишади... Соқчилар қочоқларнинг изидан тушишади, Аида ва Амонаср беркинадилар, Радамес эса ўзини кўнгилли тарзда олий руҳоний қўлига топширади.

ТЎРТИНЧИ ПАРДА
Олтинчи кўриниш
Радамес руҳонийлар суди қаршисида ҳозир бўлиши лозим. Ўзининг севганини ўлимдан қутқариб қолиш учун Амнерис ибодатхонага келади. У Аидадан воз кечишини сўраб Радамесга юзланади, бироқ Радамес фикрида қатъий – у Аидани севади! Жаҳолат отига минган Амнерис Радамесни ертўлага қайтаришларини амр этади. Руҳонийлар Радамесни суд қилиш учун йиғилишади; улар Радамесни хоинликда айблашади ва уни ўлимга маҳкум этишади.
Еттинчи кўриниш
Ибодатхона ертўласи. Бу ерда Радамес тутқунликда сақланади . Ўлими олдидан у Аидани ёдга олади. Кутилмаганда кимнингдир инграгани эшитилади – бу суйган ёри билан бирга ўлишни ихтиёр этиб, ертўлага яширинча кириб келган Аиданинг овози. Аидадан бўса олиб, унинг нафасини туйган Радамес бир нарсани англайди, қийноқларга чалинган ва қочиш чоғида ярадор бўлган Аида жон таслим қилмоқда. Кўп ўтмай Радамес ҳам суйганининг ортидан кетади. . Бироқ, ўлим муқаррар бўлса-да, улар илк бор бахтиёрлар: улар биргалар.

Уларнинг боши узра эса ғам-ғуссага ботган, мотам либосидаги Амнерис умидсиз ҳолда ибодатхонанинг харсангтошларига ибодат учун чўккан.