"Мирзо Улуғбек"

"Мирзо Улуғбек"

Улуғ аждодимиз Соҳибқирон Амир Темур авлоди бўлмиш Мирзо Улуғбек ўрта асрлар Шарқ Уйғониш (Ренессанс) даврининг буюк намояндаларидан бири, илм-фан ҳомийси, фалакиёт соҳасида ўз давридан бир неча асрлар илгарилаб кетган улкан олим, муаррих, давлат арбоби.

У қирқ йил шаҳри азим Самарқандни пойтахт тутиб, Амир Темур салтанатининг бир қисмини барқарор сақлади, улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширди. Аммо унга бу ишларида қаршилик қилган, шоҳлик тожини тортиб олиб, мамлакатни ўз худбин хоҳишлари туфайли таназзулга бошлаган кучлар бор эди. Уларнинг тепасида Мирзо Улуғбекнинг ўз зурриёти, мутаассиб Мирзо Абдуллатиф турарди.

Ота ва фарзанднинг ана шу қарама-қаршиликлари, олам сирларини билишдек ёруғ тилак-истак билан мутаассибона ақидаларга кўр-кўрона бўйсуниш орасидаги муросасиз зидлик, маърифат ва жаҳолат кураши ўзбек ва озарбайжон халқининг фарзанди, атоқли шоири ва драматурги Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” номли машҳур саҳна асарининг бош мавзусидир. Улуғбекнинг оламни илмий билиш, янги-янги кашфиётлар яратиш йўлидаги ишлари унинг жамият ҳаётини адолат ила бошқариш, инсонлар қалбига эзгулик уруғини сепиш каби юксак фазилатлар касб этиши учун ҳам восита бўлади.