"Кўчки"

"Кўчки"

Кўчки – фақат табиат ҳодисасими? Катта тоғлар билан ҳар томондан ўралган, манзили номаълум қишлоқда маҳаллий аҳоли баланд овозда гаплашишмайди, овоз чиқариб кулишмайди. Чунки, товуш тўлқинлари қор кўчкисини келтириб чиқариши мумкин.

Оддий бўлмаган бу вазиятда, кўчки кўчиш хавфи йилнинг тўққиз ойи давомида сақланиб қолади... ва атиги уч ой давомида маҳаллий аҳоли бақириб-чақириши, қуролдан отиши, тўй-томоша қилиши, чақалоқ дунёга келтириш мумкин бўлади...

Тақдир тақозаси билан ана шу кўчки хавфи кучайган бир пайтда қишлоқдаги бир оилада чақалоқ дунёга келиши кутилади. Спектаклда шу муаммонинг ечимини излаш, авлодлар давоми саналган дунёга келадиган бегуноҳ гўдак ҳаётини сақлаб қолиш, аммо шу билан бирга муқаддас ҳисобланмиш ўз қишлоғи, Ватанини кўчки хавфидан асраш каби зиддиятларга тўқнаш келинади.

Шундай мураккаб вазиятда, ўлим хавфи муқаррарлиги аниқ бўлганда ҳам асар қаҳрамонлари туғилиб ўсган маконини ташлаб кетишмайди. Аксинча, дунёга келган гўдакнинг беғубор кулгуси бутун қишлоқни асрлар давомида сақланиб келган хавфдан енгади.