Янги спектакл саҳналаштирилди

24.02.2021 11:31

Спектакл “Театр ичида театр” услубида саҳналаштирилган бўлиб, унда ўзбек миллий театрчилиги Маҳмудҳўжа Беҳбудий бошчилигида яралганлигини кўриш мумкин. Асар мазмунига кўра бир бой ўзи саводсиз бўлгани ҳолда, фарзандини ҳам илмли қилмоқчи эмас. Ўғли ўспирин ёшига етса-да, мактаб кўрмаган. Ота бундан мутлақо ташвишланмайди. Чунки, ўзига ота мерос мулк қолиб, бойликда баҳузур яшаётганидек, ўғли ҳам шу тақдирни такрорлайди, деган ўйда. Муаллиф, бойнинг фикрини ўзгартириш учун ўз даври маърифатининг икки вакили - эски мактаб “домла”си ва “усули жадид” тарғиботчиси - зиёлини унинг ҳузурида кўрсатади. Аввал домла, сўнг зиёли келиб бойнинг ўғли Тошмуродни мактабга бериб, илми диний ва илми замондан баҳраманд этишга даъват қиладилар. Бу сўзларга бепарво, беписанд бой ҳар икки меҳмондан ҳам ранжиб, уларни бир амаллаб ҳайдаш чорасини излайди.

Отанинг бемаъни ҳаёт тарзини кўриб ўсган фарзанд уч-тўрт безори, чапани йигитларга қўшилиб ичкилик ичади, маиший бузуқликка майл билдиради ва охир-оқибат ана шу эҳтиёжлари учун маблағ истагида отасининг кушандасига айланади.

Воқеанинг фожеавий якунидан сўнг, Домла ва Зиёли сўзларига қулоқ осмаган бойнинг машъум ибратида илмсизлик, жаҳолатнинг даҳшати, фожеаси ўз аксини топади.