Наманган сарҳисоби

15.03.2021 06:48

Бугун 9-март кунида, Ўзбек Миллий Академик драма театри жамоаси театр директори, устоз санъаткор Ёдгор Сагдиев бошчилигида, Наманган вилояти мусиқали драма театрида ижодий сафарнинг иккинчи кунини якунлади. Яъни, 8 ва 9-март кунлари Пойтахт театри, нақшин олмалари билан машҳур Наманганда меҳмон бўлди. Бугунги кун режасига кўра, Наманган вилояти мусиқали драма театрида соат 12:00да “Ўжарлар”, 16:00да “Андишали келинчак” комедиялари санъатшинавандаларга намойиш этилди. Баҳорий байрам шукуҳи давом этмоқда. Устоз санъаткор Ёдгор Сагдиев ижросидаги дилнаво қўшиқлар, мухлису томошабинларга олам қувонч бахш этди. Икки кун мобайнида Миллий театр Наманганликлар эътиборига репертуаридаги учта спектаклни саккиз маротаба ҳавола этди. Таъссурот шуки, ижодий ҳамкорлик, ижодий учрашувлар водий аҳлида ҳамда меҳмон театр жамоасида дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлади, кўнгил ришталарини боғлади.