Анжижондан Наманган сари йўл

15.03.2021 06:40

Ўзбек Миллий Академик драма театри 4-5 ва 6-март кунларидаги Андижон ижодий сафар режаларини тўла-тўкис адо этиб, "Қайдасан, Наманган", дея гуллар шаҳри Наманганга йўл олди. Андижонликлар уч кун мобайнида Тошкентнинг "Андишали келинчак", "Ўжарлар", "Ўзгалар дарди" спектаклини мириқиб томоша қилди. Меҳмон театр уч кун ичида мезбон-томошабинлар эътиборига комедияларни ўн саккиз маротаба намойиш этди. Асар намойишидан аввал театр директори, устоз санъаткор Ёдгор Сагдиев ижросидаги байрам туҳфаси дилрабо қўшиқлар, томошадан сўнг элимиз ардоғидаги артистлар билан бўлган ижодий учрашувлар "Анжан" ва "Шош" ришталарини янада боғлади. Айни дамда Миллий театр жамоаси 8-март куни Наманган вилояти маданият маркази, Наманган вилояти Тўрақўрғон маданият маркази, 9-март куни Наманган вилояти мусиқали драма театрида бўлиб ўтадиган ижодий жараёнлар ҳозирлигини кўряпти. Наманган ижодий таъссуротларни, сиз азизларга албатта бўлишамиз. Миллий театр жамоасига куч-қувват, омад ва кўтаринки кайфият тилаб қоламиз.