Вазир бошчилигида йиғилиш

12 Dec 2024 05:20

Куни кеча маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, театр, цирк, концерт-томоша, маданият марказларида фаолият олиб бораётган ходимларни қўллаб-қувватлашга доир юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда, вазирнинг биринчи ўринбосари Авазхон Таджиханов, вазирлик марказий аппарати ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари бошлиқлари, театр директорлари ва фахрийлари, тизим ташкилоти раҳбарлари иштирок этишди.

Йиғилиш кун тартибидаги биринчи масалада, Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 399-сон қарорда ҳам соҳани ривожлантириш, театрлар фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ янги истиқболли ташаббус ва лойиҳалар юзасидан масалалар муҳокама этилиб, тегишли масъулларга топшириқлар белгиланди.

Иккинчи масалада, Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган 399-сон қарорига асосан болалар мусиқа ва санъат мактабларининг директор, директор ўринбосарлари ва ўқитувчи ва концертмейстерлари иш ҳақи миқдорлари 2025 йил 1 январдан бошлаб 10 фоизга оширилганлиги, шунингдек, кўп йиллардан бери ушбу таълим муассасалари олдида катта муаммо бўлиб келган мактабларнинг коммунал тўловлари 2025 йилнинг 1 февралидан бошлаб давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланганлиги ҳамда “Умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа маданияти фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлиги ва уларда белгиланган вазифалар муҳокама этилиб, масъулларга топшириқлар берилди.

“Қадрли дўстлар! Ҳар қандай яратиб берилаётган имконият ва кўрсатилаётган эътибор, албатта, масъулият юкини орттириши керак. Агар виждонимизни ўртага қўйиб, холис туриб айтадиган бўлсак, бугун Ҳурматли Президентимиз маданият ва санъат соҳаси учун ҳамма имкониятларни яратиб беряптилар. Қандай таклифларимиз бўлса қўллаб-қувватлаяптилар. Шунга яраша ҳар биримиз масъулиятни чуқур ҳис қилиб, натижа кўрсатишимиз, белгилаб берилган топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлашимиз зарур! Ана шу натижа, аввало, халқимиз ҳаётида кўриниши керак. Шундай экан, вазирлик марказий аппарати масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари бошлиқлари, театрлар, таълим муассасалари раҳбарларидан йиғилиш давомида кўтарилган масалаларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширишларини сўрайман. Бу борада барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат тилайман” – деди вазир Озодбек Назарбеков йиғилиш якунида.