Хотира кечаси

12 Dec 2024 05:18
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Мамажон Раҳмонов таваллудининг 110 йиллигига бағишланган хотира кечаси ҳамда “Интеграцион ва трансформацион жараёнларда санъатшунослик фани ва таълимининг долзарб масалалари” номли Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Мамажон Раҳмонов ҳаёт бўлганларида бу йил 110 ёшни қаршилаган бўлар эди. Атоқли санъатшунос олим юртимиз театр санъатини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган. Шунингдек, у давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам кенг жамоатчиликка яхши таниш эди.
Беназир устоз Мамажон Раҳмоновнинг ёрқин хотирасига бағишланган тадбир икки қисмдан иборат бўлди. Дастлаб хотира кечаси ташкил этилиб, олимнинг ҳаёт йўли, илмий изланишлари, ўзбек маданияти ривожига қўшган ҳиссаси ва инсоний фазилатлари эсланди.
Тадбир аввалида академик Мамажон Раҳмоновнинг ҳаётига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Унда олимнинг шогирдлари ва яқинлари унинг ҳаёти, санъат ва маданиятга бўлган муносабати, шогирдларини қўллаб-қувватлагани ва у билан боғлиқ кўпгина хотиралари ҳақида сўз юритган.
Кечани Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, профессор Нодирбек Сайфуллаев очиб берди ҳамда Мамажон Раҳмоновнинг босиб ўтган ҳаёт йўли барча учун ўрнак эканлигини, заҳматкаш олим ўзбек миллий театр санъатининг қадимий тарихи ва тараққиёти, унинг долзарб муаммоларига бағишланган кўплаб монографиялар, тадқиқот ишлари, мақола ва тўпламлар муаллифи сифатида соҳанинг тараққиётида алоҳида ўринга эга бўлганини қайд этиб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Таджиханов, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Кинематография агентлиги директори Шуҳратилла Ризаев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, олий тоифали сухандон Насиба Ибрагимова, Ўзбекистон халқ артисти Рустам Хамидовлар Мамажон Раҳмонов ҳақидаги илиқ хотиралари, олимнинг инсоний фазилатлари ҳамда санъат ва маданият ҳамда илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида тўхталиб ўтди.
Мамажон Раҳмонов 1914 йил 21 декабрда Қўқон шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини мактаб ўқитувчиси сифатида бошлаган. 1931-1936 йилларда Москва Молия институтида таҳсил олган, 1938-1942 йилларда Ўзбекистон давлат филармониясини бошқарган. 1942-1949 йилларда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори лавозимида фаолият кўрсатади. 1949–1951 йилларда Москва давлат консерваторияси қошида ташкил этилган ўзбек опера студиясига раҳбар этиб тайинланади. Яна ватанимизга қайтиб келиб, 1951-1954 йилларда Тошкент театр ва рассомлик (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият) институтида таҳсил олади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик Катта театрини бошқаради.
Кейинчалик Мамажон Раҳмонов Тошкент давлат консерваторияси ҳамда Тошкент давлат театр ва рассомлик институти ректори каби масъулиятли вазифаларда фаолият юритиб, мамлакатимиз маданияти ва санъати соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ишларига муносиб ҳисса қўшди.
Тадбир “Интеграцион ва трансформацион жараёнларда санъатшунослик фани ва таълимининг долзарб масалалари” номли Республика илмий-амалий конференцияси билан давом эттирилди.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Камола Акилова “Мамаджан Рахманов: ученый, деятель, человек”, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Ҳакимов “Замонавий ўзбек рангтасвирида ижодий изланишлар: мавзу ва талқин”, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, санъатшунослик фанлари доктори Муҳаббат Туляходжаева “Профессия театровед”, Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби, санъатшунослик фанлари номзоди, профессор Омонулла Ризаев, “Атоқли санъатшунос олим”, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори, санъатшунослик фанлари доктори Дилафруз Қодирова “Театршунослар академияси” номли маърузалари билан чиқиш қилди.
Конференция маърузалари тўплам сифатида нашр этилди. Ушбу тўпламдан 80 дан ортиқ муаллифнинг Мамажон Раҳмоновнинг ҳаёти ва илмий-ижодий, раҳбарлик ва педагогик фаолияти ҳамда санъатшунослик фани ва таълимининг долзарб масалаларига бағишланган мақолалари ўрин олди