Самандар Алимов: бизнинг вазифамиз - томошабинни опера дунёсига олиб кириш!

16 Mar 2021 09:13

Умид, ишонч, умидсизлик, муқаррарликни қабул қилиш - буларнинг ҳаммасини бир-икки кун ичида, деярли репетитсиясиз, тақдим этиладиган операда томошабинларга қандай етказиш мумкин? Сўз Европанинг таниқли опера қо'шиқчиси Невена Бридген ижро этадиган Жакомо Пуччинининг "Богема" операси ҳақида кетаяпти. Операни намоиши 09.02.2020 й. Невена Бридген эса Тошкентга 06.02.2020 й. етиб келди. “Богема” операси анча тайёргарлик талаб этадиган, мураккаб асар. Албатта, ушбу спектакл давомида ҳамма учун осон бўлмайди. Бир бирини танимайдиган ижрочилар саҳнада ушбу операнинг кечинмаларини яъни бутун борлиғини ифода этиши зарур бўлади. О'збекистон халқ артисти Самандар Алимов ушбу операда бош рол (Рудолф)ни ижро этади. Якшанба - улар учун янги синов ва ҳаяжонга тўла бўладиган кун.

Самандар Алимов: - Албатта ҳаёлимда, - қандай бўлар экан? - деган ўйлар айланмоқда. Ҳаммаси эхпромт шаклида бўлса кандай кечар экан? Иккинчи тарафдан, ижодкорни профессионаллигини, маҳоратини, тажрибасини ҳам намоён қилиш учун бу катта сабаб. Чунки, бу аниқ факт, ҳеч қачон кўрмаган партнер билан, битта саҳнада туриб, ҳамнафас бўлиб дует айтиш жуда мураккабдир. Катта, уч соатли операни саҳнада ижро этиш осон нарса эмас. Елкангизга катта маъсулиятни оласиз, чунки барибир артист партнер ҳақида ўлайди – бир биримизга тўғри келамизми, овозларимиз мос тушадими? Асардаги биргаликда ижро этиладиган дуетларимизда ҳамнафаслик қай тарзда амалга ошар экан? Буни олдиндан билиб бўлмайди. Чунки, биринчидан, биз Невена билан илк бора саҳнада ижро этамиз. Иккинчидан эса ҳар бир ижрочининг ўзига хос овоз даражаси мавжуд. Овозлар тембр жиҳати билан ҳам бир бирига мос келиши шарт. Шуларни ўйлайсиз, ҳаяжонланасиз. “Богема” операсида мен Рудолф партиясини ижро этаман, Невена эса Мими ролида саҳнага чиқади. Биз операнинг бош қаҳрамонларини ролини ижро этамиз. Рудолф – шеъриятга қизиқадиган оддий талаба. Шеър ёзиш орқали пул топиб юрган шоир болани образини гавдалантираман. Мими – оддий гул сотувчи қиз. Биринчи актда - қишнинг совуқ кунлари. Қиз қоронғи тушганда шам ёқиш учун олов сўрагани келади. Рудолф қизни биринчи кўрганидаёқ севиб қолади. Ўша саҳнада унинг мақсади – қизни иложи борича ёнида кўпроқ қолиши ва у билан кўпроқ суҳбат қилиш бўлади. Шунинг учун у турли баҳоналар ўйлаб топади, ҳаттоки Мими ҳушидан кетиб, калитини тушуриб юборганда, у қизнинг калитини яшириб қўяди. Бу орада Рудолф қизнинг оғир ҳасталликка чалинганидан бехабар бўлади. Бу операнинг энг чиройли саҳналаридан бири ҳисобланади. Мусиқий жиҳатидан ҳам, ижро жиҳатидан ҳам. Чунки бу опера ўз ичига севги, айрилиқ, дард-ҳижрон, хурсандчилик, видолашиш каби ҳис-туйғуларни қамраб олган. Спектакл охирида эса – операнинг энг фожиавий саҳнаси – бу Мимининг ўлими. Жуда ҳам таъсирчан саҳналар. Булар ҳаммаси қандай кечади, томошабин қандай қабул қилади? Опера италиян тилида бўлса. Лекин бизнинг вазифамиз томошабинни опера дунёсига, ўша гўзал асар оламига олиб кириш, бўлаётган воқеаларга ишонтириш, қаҳрамонга нисбатдан ҳамдардлик уйғотиш. Аниқ биламан, сезгир қалби бор инсон опера мусиқасини тинглаш жараёнида воқеаларни тушуниб олади. Ҳаттоки мусиқанинг ўзи асар нима билан бошланишини ва нима билан тугашини айтиб беради. Чунки мусиқа дунёси ўзининг сеҳри билан ҳар бир инсоннинг қалбига йўл топа олади. Умид қиламан-ки, Невена Бридген билан биргаликдаги ижроимиз, опера шайдолари қалбида илиқ таассуротлар қолдиради.

9 февраля 2020